Йилдан йилга саводсиз кадрлар кўпаймоқда(ми)?

Кўпчилик ёшлар учун ўқишга кириш, талаба бўлиш энг катта мақсад ҳисобланар эди. Абитуриентликда кўпгина ўзим қатори дўстларим репетитор дафтарлари ёки китобларига “Юридик университети 1-грант”, “Тошкент тиббиёт академияси 189 балл билан 1-грант” деб ёзиб қўйишар эди. Бундан ташқари, ўқув марказлари, боғлар, кутубхоналар китобдан бошини кўтармаган ёшларга тўла бўларди. Тестда тўплайдиган 100 балл ҳам улар учун уятли экани, 189 балл аниқ мақсад эканлиги кўзларида кўринарди. Танишларимнинг айримлари 167-170 балл билан ҳам университетдан йиқилар, лекин «йиқилган курашга тўймас» деганларидек, қайта тайёрланишни бошлар эди.

Эсимда, 2019 йил ўқишга кирган йилимиз гуруҳимиздаги 25 та абитуриентдан 22 таси ўқишга кирди. Қолганлар ҳам 100 баллдан кам йиғмаган бўлса ҳам, ўқишдан йиқилди ва яна қайта тайёрланишда давом этди. Яқинда кириш имтиҳонидан минимум 56,7 балл тўпласа абитуриент талабалар сафига қабул қилиниши, бундан ташқари, «6-йўналиш» деган имтиёзни кўриб, ёшларнинг даври келибди-ку, деб қўйдим. Аммо 56,7 балл билан педагогика йўналишига ўқишга кирган талаба келажакда мактабда ўқувчиларига қандай дарс беради? Минимум баллни тўплаб ўқишга кирган шифокор инсонларни қандай даволайди?

Абитуриент максимал баллнинг 70 фоизини йиға олмаса ҳам талаба бўлади

Олийгоҳ талабаси бўлиш учун абитуриент максимал 189 балл йиғиши керак бўлади. 56,7 балл 189 баллнинг 30 фоизи дегани, яъни ярми ҳам эмас. Абитуриент 70 фоиз тестни хато ишласа ҳам, талабаликка тавсия этиляпти. 56,7 баллни йиғиш учун абитуриент тахминан 18-27 та мутахассислик саволига ёки турли комбинация ишлаши керак бўлади. Агар омадлироқ талаба бўлса, таваккалдан ҳам бу баллни йиғиб қўйиши мумкин. Бундан ташқари, ўқишга киришда бир қанча имтиёзлар ҳам бор, уларнинг айримлари қўшимча балл берса, айримлари қўшимча квота беради.

Улар “Зулфия” давлат мукофоти, “Мард ўғлон” мукофоти ва бошқа давлат мукофотлари совриндорлари учун алоҳида квоталар; халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари ва совриндорлари учун тест синовисиз ёки грант асосида қабул; халқаро спорт мусобақалари ғолиблари учун имтиёзли қабул; Темурбеклар мактаби битирувчилари учун алоҳида қўшимча балл ёки квоталар; Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар битирувчилари учун қўшимча имкониятлар; ногиронлиги бўлган абитуриентлар (I ва II гуруҳ) учун алоҳида квоталар; етим ва ота-она қарамоғисиз қолган ёшлар учун давлат грантларида махсус ўринлар; ҳарбий хизматчилар ва уларнинг фарзандлари учун имтиёзлар: хизмат пайтида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолганларнинг фарзандлари имтиёзли тартибда қабул қилинади.

Бундан ташқари, мақсадли квоталар ҳам бор. Бу педагогика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда ҳудудлар эҳтиёжига қараб махсус ажратиладиган ўринлар ҳам бор.

Таълим сифати

Бу жараён мактаб таълимининг реал даражасини очиб қўймоқда. Ўқувчилар 11 йил давомида билим олиб, энг асосий синов – кириш тестида минимум чегарага ҳам ета олмаса, демак, дарсликлар сифати, ўқитувчилар малакаси ва назорат механизмлари қайта кўриб чиқилиши шарт. Акс ҳолда “ўқиш бор, натижа йўқ” деган қараш кучайиб боради. Минимум баллни ололмаган ёшлар ўз кучига ишонмай қўяди, бу эса жамиятда тушкун кайфиятни кучайтиради. Айниқса, чекка ҳудудларда таълим сифати пастлиги сабабли имкониятдан маҳрум бўлаётганлар кўпаймоқда. Бу эса тенгсизликни янада чуқурлаштиради ва иқтидорли, аммо шароициз ёшларда норозиликни уйғотади.

Диплом эмас, ўрин тўлдириш мусобақаси

Абитуриентларнинг катта қисми минимал талабни бажара олмагани олий таълим муассасаларида ҳам муаммолар туғдиради. Ўринлар бўш қолиши, сонни тўлдириш учун баллар пасайтирилиши ёки қўшимча имтиёзлар берилиши мумкин. Натижада диплом қадрсизланади, билим эмас, фақат ўриндиқ тўлдириш мақсадига айланади.

Ишсизлик кўпайиши

Ўқишга кира олмаган, касб-ҳунар эгалламаган ёшлар ишсизлар сафини кенгайтиради. Бу эса нафақат ички меҳнат бозорида номутаносиблик туғдиради, балки четга ишлаш учун кетаётганларнинг сонини ҳам оширади. Малакасиз ишчи кучининг кўплиги эса мамлакат иқтисодиёти учун катта хатар.

Минимум баллни тўплай олмаганларнинг сони ошгани таълим ислоҳотларининг юзаки эмас, балки тубдан қайта кўриб чиқилиши кераклигини кўрсатади. Агар бу масала вақтида ҳал этилмаса, эртанги кун ёшлари “ўқиб ҳам фойда йўқ” деган қараш билан улғаяди. Натижада эса жамиятда дипломли, аммо саводи йўқ ёки “диплом бўлса ҳам, бўлмаса ҳам яхши яшайман” деган авлод шаклланади.