Мирзиёев 11 сентябрь куни аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларини самарали ташкил этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда халқаро тажрибадан келиб чиқиб ҳамда Жаҳон банки, ЮНФПА ва ФАО ташкилотлари иштирокида ишлаб чиқилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини бир вақтда рўйхатдан ўтказиш таклифи кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш тадбирлари 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади. Унинг дастлабки 17 куни интернет орқали, кейинги бир ой мобайнида эса “маҳалла еттилиги” иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилиши белгиланмоқда.
Мазкур усул орқали харажатлар сезиларли қисқариб, 1,3 триллион сўм маблағ тежалади. Шунингдек, рўйхатга олиш жараёнлари оддий ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Саволларнинг сони аввал режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилди. Рўйхатга олиш натижасида Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сони аниқланади. Бу орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағларининг самарадорлиги, соҳадаги хизматлар ҳажми ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўплами яратилади. Рўйхатга олиш жараёнларини самарали амалга ошириш учун “маҳалла еттилиги” махсус ўқув дастури асосида тайёрланади ва рағбатлантирилади. Бунинг учун Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган статистика тизимини мустаҳкамлаш лойиҳасининг маблағлари йўналтирилади.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Махсус кўрсатув ва видеороликлар намойиш этилиб, фуқароларнинг хабардорлиги оширилади. Умуман, мазкур тадбирлар аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг реал кўрсаткичларини аниқ белгилаш, давлат дастурларини мақсадли ҳамда самарали амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини тизимли ва сифатли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.