1-курс талабалари сарсон: дарслар бошланганига қарамай, ётоқхона муаммоси давом этмоқда

2025/2026 ўқув йилининг бошланиш саналари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан маълум қилинганига қарамай, олий таълим муассасаларига янги қабул қилинган талабалар ҳали ҳам ётоқхонага жойлашишда муаммоларга дуч келмоқда.

Вазирлик олий таълим ташкилотлари ва академик лицейларда 2025/2026 ўқув йилининг бошланиш саналари 1-босқич талабалари учун 2025 йил 3 сентябрдан, 2 ва ундан юқори курслар учун 8 сентябрдан бошланишини маълум қилганди.

Шунга кўра, 2 сентябрдан бошлаб барча вилоятлик 1-курсга қабул қилинган талабалар пойтахт томон йўл олган. Аммо уларнинг кўпчилиги ётоқхонага жойлаша олмаган. Бунга ётоқхона учун йўлланма чиқмаганлиги сабаб бўлмоқда. Бу кўплаб ота-оналарнинг норозилигига олиб келмоқда. Дарслар бошланган, лекин талабалар учун турар жойи йўқ.

1 августдан бошлаб my.gov.uz портали орқали талабалар турар жойи учун ариза юбориш бошланган. Дастлаб, имтиёз ва устуворликларга эга талабгорлар қабул қилинади. Шундан сўнг, умумий рўйхатдаги талабалар учун ётоқхонада ортиб қолган ўринлар сонига нисбатан навбат асосида тақсимланади. Дарслар бошланди, лекин 1-босқич талабаларининг аризаси ҳали ҳам “жараёнда” турибди.

Ўзи ётоқхоналар қандай тақсимланиши керак?

Регламентга мувофиқ, дастлаб имтиёз ва устуворликларга эга талабгорлар талабалар турар жойларига қабул қилинади.

Шундан сўнг, умумий рўйхатдаги талабалар учун ётоқхонада ортиб қолган ўринлар сонига нисбатан навбат асосида қуйидагича тақсимланади:

  • 1-курс талабалари учун 55-65 фоиз;
  • 2-курс талабалари учун 15-20 фоиз;
  • 3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 20-25 фоизгача ажратилади.

Демак, ётоқхоналардаги ўринларнинг ярми ва ундан кўпроғи айнан 1-курс талабалари учун ажратилиши керак.

Вазирлик маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги талабалар жами 1,5 млн.ни ташкил этса, улардан 540 мингдан зиёди кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабалардир. Булардан 270 мингга яқин талабанинг турар жойга эҳтиёжи бор.

2025 йил сентябр ҳолатига кўра, Давлат олий таълим муассасаларида 155,8 минг нафар талабага мўлжалланган 385 та талабалар турар жойи бор.

Бу кўрсаткичлар 110 мингдан ортиқ талабага ётоқхона етишмаслигидан далолат беради.

Талабаларнинг айтишича, ётоқхона ўринлари бор, лекин аризалар кўриб чиқилиши кечикмоқда.

Қонунда аризани кўриб чиқиш муддати аниқ белгиланган. Бироқ, бундан талабалар аризасини кўриб чиқадиган олий таълим мутасаддилари хабардормикан?! Йўқса, вазирлик ётоқ жой топа олмай сарсон бўлаётган талабалар саволларига аллақачон жавоб берган бўлармиди…