Ўзини ИИВ, ДХХ ва Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқаронинг 170 минг долларини криптовалюта орқали ўзларига ўтказиб олгани маълум бўлди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот хизмати хабарига кўра, жабрланувчи М.П. автомашинаси ва уйини сотиб, жамғармалари ҳамда қарз маблағларини тўплаб фирибгарларга ўтказган.
2024 йил декабрь ойида Киберхавфсизлик марказига расмий мурожаат қилингач, жиноий иш қўзғатилиб, фуқаро жабрланувчи сифатида тан олинган. Текширувлар натижасида криптодўкон орқали 115 минг доллар (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) унинг фойдасига қайтариб берилди.
Омбудсман бу каби ҳолатлар кўпайганини қайд этди ва маблағларни қайтариш деярли имконсиз бўлишини таъкидлади. Шу боис фуқаролар қуйидагиларга жиддий эътибор қаратишга чақирилди:
- ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки банк ходими деб таништирган шахсларга ишонмаслик;
- телефон орқали шахсий маълумотлар ва карталарга оид маълумотларни ошкор этмаслик;
- криптовалюта орқали тўловга ундаш ҳолатларида дарҳол ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиш;
- давлат органлари фақат расмий каналлар орқали иш юритишини эсда тутиш.