Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва суд тизими ходимларига нисбатан бир нечта жиноят ишлари қўзғатилди. Ушбу ҳаракатлар Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда улар пора билан қўлга олинган.
Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим прокурори терговга қадар текширув материаллари бўйича жиноят ишини қўзғатмаслик эвазига 2 000 АҚШ доллари талаб қилган. Ундан 1 300 долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Прокурорга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан иш қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Андижонда эса вилоят суди судлов ҳайъати судьясининг катта ёрдамчиси даъво аризасини фойдасига ҳал қилиб бериш учун 500 доллар талаб қилган. У 300 доллар (3,8 млн сўм)ни олган вақтда қўлга олинди. Унга нисбатан ҳам пора олиш айби билан жиноят иши очилди.
Жиззах шаҳрида адвокат маҳкумни муддатидан олдин озод қилиш учун танишлари орқали ёрдам беришни ваъда қилиб, 6 000 доллар талаб қилган. У ва ўртоғи пулни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг пора олиш ва воситачилик билан боғлиқ моддалари асосида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.