Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланди.
Лойиҳага кўра, мамлакатда исломий банклар орқали фоизсиз уй-жой кредитлари, шерикликка асосланган инвестициялар ва исломий суғурта (такафул) каби хизматлар жорий этилиши мумкин.
Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев таъкидлаганидек, ислом молиясида қўшимча мукофот эвазига қарз бериш, тақиқланган фаолиятни молиялаштириш ҳамда шартномаларда ҳаддан ташқари ноаниқликка йўл қўйиш мумкин эмас. Шу боис банклар исломий молия кенгаши, махсус бўлим ва аудит тизимига эга бўлиши керак бўлади.
Қонун лойиҳасида исломий молиявий операцияларнинг асосий турлари — муробаҳа, мудораба, мушорака, вакала ва салам белгилаб берилган. Шунингдек, исломий банкларга савдо фаолияти билан шуғулланиш, юридик шахслар ташкил этиш ва компаниялар улушини сотиб олишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.
Турдалиевнинг сўзларига кўра, исломий банк тизимини жорий қилиш учун «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун билан бирга Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда саккизта қонунга ўзгартиришлар киритиш талаб этилади. Махсус солиқ режими жорий этилиши ҳам кўзда тутилган.
БМТ Тараққиёт дастури сўровномасига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 68 фоизи ва бизнес вакилларининг 60 фоизи диний эътиқод сабаб анъанавий банк хизматларидан фойдаланишни истамайди.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда бир овоздан маъқуллади. Энди ҳужжат иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиб, Сенатга юборилади.