Тошкентда аёл ўзи ва икки гўдагини кўп қаватли уй деразасидан ташлади

Кеча, 17 сентябрь куни соат 14:18 ларда Олмазор туманида яшовчи, 24 ёшли аёл ўзи ва болаларини кўп қаватли уй деразасидан ташлаб юборди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, аёл турмуш ўртоғи билан рашқ туфайли келиб чиққан келишмовчилик оқибатида жаҳл қилиб, 2022 ва 2024 йилларда туғилган икки нафар ўғил фарзандини ўзлари яшаб турган уйнинг 4-қавати йўлак деразасидан пастга ташлаб юборган.

Сўнгра ўша уйнинг 8-қавати йўлак деразасидан ўзини ҳам пастга ташлаган. Ҳодиса оқибатида аёл шифохонада вафот этган, икки нафар вояга етмаган боланинг ҳаёти сақланиб қолинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 25,97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.