Россиядаги қурилишда мигрантлар муштлашди



Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги қурилишда марказий осиёлик мигрантлар ўртасида муштлашув юз берган.

Можаро том таъмири технологияси ва қурилиш материаллари бўйича келишмовчилик сабаб юзага келган. Дастлаб оғзаки тортишув бўлган, сўнг мигрантлар металл ва ёғоч таёқлар билан бир-бирига ҳужум қилган.

Ҳодисадан сўнг полицияга 21–41 ёш оралиғидаги 11 нафар Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳамда бир маҳаллий аҳоли вакили олиб келинган. Улардан бири машинада қочишга уриниб, патруль ходимини уриб юборган. Патруль-пост хизмати ходими тирсак бўғимидан лат еган. Қоидабузар “бир неча дақиқа ичида” қўлга олинган.

Полицияга олиб келинган 8 киши миграция қонунчилигини бузганлик учун, 4 киши (маҳаллий аҳоли вакили ҳам) майда безориликучун маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳодиса жойи ва унга туташ ҳудудни, жумладан чордоқ ва ертўлаларни қўшимча текшириш чоғида 7 нафар чет эллик ишчи жанжалга алоқадорликда гумон қилиниб ушланган. Уларнинг иккитаси миграция қонунларини бузганлик учун, қолганлари эса майда безорилик учун маъмурий жазо олган.

Оқибатда 8 кишига нисбатан “безорилик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Улар гумонланувчи сифатида сўроқ қилиниб, ҳибсга олинган.