Камчатка соҳиллари яқинида кучли зилзила қайд этилди

Бугун тонгда Камчатка шарқий соҳилида кучли зилзила содир бўлди. АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, тўлқинлар магнитудаси 7,8 ни ташкил қилди, эпицентр Петропавловск-Камчатскийдан тахминан 100 км шарқда, 10 км чуқурликда жойлашган.

Россия Фанлар академияси геофизика хизмати магнитудани 7,4 деб баҳолади, Камчатка ҳукумати губернатори Владимир Солодов эса аниқлаштирилган маълумотларга кўра, у 7,2 ни ташкил қилганини маълум қилди. Камчатка ва АҚШда цунами хавфи эълон қилинди. Ҳозирча ҳукумат ҳеч қандай вайроналар ёки жабрланганлар ҳақида хабар бергани йўқ.

Бунга қадар 30 июлда ҳам Камчаткада магнитудаси 8,8 бўлган зилзила содир бўлган, бу сўнгги 14 йил ичида дунёдаги энг кучли ва 1952 йилдан бери минтақадаги энг йирик зилзила бўлганди. Унда Тинч океани ҳудудида цунами хавфи эълон қилинган, аммо тўлқинлар ўртача даражада бўлган, ҳеч ким вафот этмаган ва баъзи биноларга зиён етганди. Шундан сўнг минтақада бир неча бор кучли зилзилалар содир бўлган. Энг йириги 13 сентябрда қайд этилган — унинг магнитудаси 7,7 ни ташкил қилган.