Россияда патент тизими бекор қилиниши мумкин

18 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин парламент фракциялари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Суҳбатда «Адолатли Россия — Ҳақиқат учун» партияси раҳбари Сергей Миронов муҳожирлар учун амал қилаётган патент тизимини бекор қилишни таклиф қилди.

Путин эса бу таклифни инобатга олишини билдириб:

«Патент тизими кенг қўлланиляпти. Мен ҳеч нарсани истисно қилмайман. Бу масала бўйича ҳамкасблар билан биргаликда иш олиб боринг», — деди.

Маълумот учун, ҳозирги патент тизимига кўра:

Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбойжон каби визасиз давлатлардан келган муҳожирлар Россияда ишлаш учун патент олиши шарт.

Патент 1 ойдан 1 йилгача амал қилади ва фақат белгиланган ҳудуд ҳамда соҳаларда ишлашга рухсат беради.

Уни олиш учун муҳожирлар вақтинча рўйхатдан ўтиши, тиббий кўрикдан ўтиши, рус тили, тарих ва қонунчиликдан имтиҳон топшириши, ҳужжатлар пакетини ИИВга топшириши ва давлат божини тўлаши керак.

Патент кучда бўлиши учун ҳар ой белгиланган миқдорда НДФЛ (даромад солиғи) аванс тўлови тўланади. Бу сумма минтақага қараб фарқ қилади.