Япониялик тадқиқотчилар жамоаси сигир танасига зебрага ўхшаш оқ-қора чизиқлар чизиш орқали шомил ва пашшалар ҳужумидан ҳимоя қилиш мумкинлигини кўрсатган ноодатий тадқиқоти учун Шнобел мукофотига сазовор бўлди.
Тадқиқот натижаларига кўра, оқ чизиқлари бўлган сигирлар оддий қора ёки умуман чизиқсиз ҳайвонларга нисбатан тахминан 50% камроқ пашшалар ҳужумига дучор бўлади.
Шнобел мукофоти одатда аввал кулги уйғотадиган, аммо кейин жиддий ўйлантириб қўядиган илмий ишлар учун берилади. Шу йўсин, кулгили кўринишга эга бўлишига қарамай, бундай тадқиқотлар ортида жиддий илм ётади. Масалан, Айти қишлоқ хўжалиги тадқиқот маркази олимлари сигирларни сувда эрийдиган бўёқ билан чизиш орқали қон сўрувчи пашшалар ҳужумларини сезиларли даражада камайтириш мумкинлигини исботлади.
Пашшаларнинг чақиши йирик шохли қорамоллар учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Бу ҳолат уларнинг соғлиғи ва озиқланишига салбий таъсир кўрсатади, натижада гўшт массаси ўсиши ва сут ҳосилдорлиги пасаяди. Фермерлар бу муаммога қарши одатда инсектицидлардан фойдаланади, аммо бу усул зараркунанда ҳашаротларнинг дорига чидамли турлари пайдо бўлишига ва маҳсулотнинг кимёвий моддалар билан ифлосланишига олиб келиши мумкин. Шунга кўра, ҳайвон терисига оқ чизиқлар чизиш йўлидаги содда усул қишлоқ хўжалигини кимёвий ишловдан анча мустақил қилиши мумкин.
Япониялик олимларнинг тадқиқоти бундан аввал Венгрия, Испания, Швеция ва Швейцария олимлари олиб борган кузатувларни тўлдирди. Унга кўра, оқ отлар қора отларга қараганда пашшалар ҳужумига камроқ дучор бўлиши аниқланган. Ҳолбуки, бу ҳолатнинг аниқ механизми ҳали номаълум, аммо олинган натижалар ҳайвонларни паразитлардан табиий ҳимоя қилиш соҳасидаги изланишларни давом эттиришга туртки бўлмоқда.
Бироқ сувда эрийдиган бўёқ тезда ювилиб кетади. Шунинг учун сигир танасида зебрага ўхшаш нақшни узоқ муддат сақлаб қолишнинг самаралироқ усули топилиши зарур. Ҳозирча эса фермада «чизиқли» сигирларни кўриш ноодатий манзара бўлиб қолмоқда.