Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборот хизматининг маълум қилишича, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида содир этилган оғир жиноят бўйича суд жараёни якунланди.
Тергув маълумотларига кўра, аёл биринчи турмушидан ажралиб, 2024 йилнинг июл ойида шаръий никоҳ асосида иккинчи бор оила қурган. Бироқ орадан кўп ўтмай, оилавий келишмовчиликлар туфайли 2024 йилнинг ноябрида у фарзанди билан ота уйига қайтиб кетган. Ўша пайтда аёл ҳомиладор бўлган.
Жиноят содир этилган куни аёл онаси ва вояга етмаган фарзанди ҳамроҳлигида собиқ турмуш ўртоғи билан бирга яшаган ижарадаги уйга буюмларини олиб кетиш учун борганда, эркак жанжал оқибатида қайнонаси ва рафиқасига пичоқ билан оғир тан жароҳати етказган. Натижада икки аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Жиноятчи ҳужжатларни – жумладан, хорижга чиқиш паспорти ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани – йўқ қилишга ҳам уринган.
Суд ҳукми билан мазкур шахс Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ айбдор деб топилиб, унга 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.