​Гулнора Каримованинг активларидан $20 миллион таълим учун ажратилади

​Швейцарияда мусодара қилинган Гулнора Каримова пулларининг $20 миллион доллари таълим олиш имкониятларини яхшилаш учун ажратилади.

​17 сентябрь куни «Ишонч» жамғармаси «Мактабларда иқлим ўзгаришига чидамлилик ҳамда сув таъминоти, санитария ва гигиенани (ССГ) моделлаштириш» лойиҳасига $20 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни эълон қилди.

​Лойиҳа расман 2025 йил 1 октябрда ўз ишини бошлайди.

​Қайд этилишича, лойиҳада Ўзбекистон бўйича камида 45 та қишлоқ мактабини таъмирлаш, мактабларда энергия сарфини 30% га ва димланган газлар чиқиндиларини 50% га камайтириш учун хавфсиз сув, замонавий санитария, ишончли иситиш тизимлари ва экологик тоза энергия билан таъминлаш кўзда тутилган.

​Лойиҳа 31 500 нафар бола, айниқса, ўсмир қизлар учун кундалик таълим шароитларини бевосита яхшилайди. Улар гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда алоҳида қулайликлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар, бу эса дарсларни қолдириш ҳолатларини камайтиради.

​Лойиҳа якунлангандан сўнг унинг натижалари барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2 700 нафар мактаб ўқитувчилари ва ходимлари иқлим ўзгаришига чидамлилик, ССҒга гендер жиҳатлар ҳисобга олинган ёндашув ва жараёнларга жамоатчиликни жалб қилиш бўйича ўқитилади.

​»Швейцария ушбу реституция маблағлари Ўзбекистон халқига бевосита фойда келтирадиган, коррупциядан холи, сезиларли инвестицияларга айлантирилаётганидан фахрланади. Ушбу лойиҳа орқали биз 31 500 болага янада соғлом, хавфсиз ва муносиб муҳитда таълим олиш имкониятини яратмоқдамиз — бу ривожланишга хизмат қилувчи реституциянинг ҳақиқий тимсолидир», — деди Швейцария элчиси Константин Оболенский.

​Шунингдек, лойиҳа доирасида фуқаролик жамияти иштирокида харидлар ва таъмирлаш жараёнларида адолатли, коррупциядан холи, ота-оналар, ўқитувчилар ҳамда маҳаллий жамоалар олдида ҳисобдорликни таъминловчи «Ҳалоллик пакти» синовдан ўтказилади.