Ўзбекистонда ўрта таълимга кимлар масъул?

Ижтимоий тармоқларда мактаб дарсликлари, таълим сифати, абитурентлар олий таълимга тестга ўтишнинг минимал балини ҳам тўплолмаётгани муаммо бўлаётган пайтда вазирликка янги раҳбар тайинланди. Тизимда кети узилмаётган муаммолар энди янгиланади, сабаби ҳар қандай янги раҳбар тизимга янгилик олиб киришга ҳаракат қилади. Лекин таълим тизимига олиб кириладиган янгиликларнинг ҳаммаси ҳам ижобий натижаларга хизмат қилавермайди. Қарийб 3 йил ушбу тизимни бошқарган Ҳилола Умаровадан сўнг, тизимга янги вазир тайинланди, Хўш, Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълимига кимлар масъул?

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими Вазири – Каримова Эъзозхон Гапиржонова

Каримова Эъзозхон
Гапиржонова 1973 йилда Наманган вилояти Наманган туманида туғилган. Фаолияти мактабда иш юритувчиликдан бошланиб 2025 йилнинг 7-майидан Мактабгача ва мактаб таълими собиқ вазири Ҳилола Умаровага ўринбосар ва Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори лавозимидан сўнг 2025 – йил 31 июлда Мактабгача ва мактаб таълими Вазири этиб тайинланди.

Каримов Шерзод Абдурасулович – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари

2024 йил октябр ойида собиқ вазир Ҳилола Умарова биринчи ўринбосар этиб тайинлаган Каримов Шерзод Абдурасулович ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумот кўп эмас, у 2006-2012 йиллар халқ таълим тизимида, 2012-2018-йилларда эса ўрта касб-ҳунар таълими тизимида ишлаган. 2018-2024-йилларда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда, жумладан, “Маҳалла еттилиги” ёшлар сиёсати, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маънавият масалалари бўйича бошқарма мудири лавозимида ишлаган.

Комилов Темуржон Қаландарович – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари

Комилов Темуржон Қаландарович 1983 йил 14 январда Бухоро вилояти Пешку туманида туғилган. 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Таълим тизимидаги фаолияти 2019 йил Халқ таълими вазирига ўринбосарликдан бошланган, бунгача у Ҳисоб палатасидан ишлаган.

Боқиев Фарҳод Эсонович – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирининг ўринбосари

Боқиев Фарҳод Эсонович 1980 йил 19 октябрда Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган. 2002 йил Гулистон давлат университети бакалавр босқичининг тарих йўналишини, 2005 йил Ўзбекистон миллий университетини магистратура босқичининг эстетика йўналишини тамомлаган. Психология фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd) 2013 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Вазир ўринбосари Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаган. Ундан аввал эса АОКАнинг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган, 2020 йилнинг 17 январида Сенат аъзолигига сайланган. Шунингдек, у 2024 йил ноябрда ўзини ҳақорат қилгани сабаб собиқ депутат ва блогер Кобул Дусов устидан судга ариза берган эди, суд натижаларига кўра Кобул Дусов 1 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Турдиев Азизбек Анварович – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари

Турдиев Азизбек Анваровичнинг фаолияти мактабда адабиёт фани ўқитувчилигидан бошланган. 2017-2018 йилларда Вазирлар Маҳкамаси аппарати Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, 2018-2019 йилларда Олий Мажлис Сенатида етакчи маслаҳатчи, 2019-2023-йилларда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 5-ўринбосари ўрни ҳозирча вакант ҳисобланади. Ушбу лавозимда бундан олдин айни пайтдаги вазир Каримова Эъзозхон Гапиржанова фаолият олиб борган.