Фарғона вилоятида давлат идоралари раҳбар ва мутахассисларига нисбатан коррупция билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, туман газ таъминоти бўлими бошлиғи хонадонларни табиий газ тармоғига улаб бериш учун жами 10 000 АҚШ доллари талаб қилиб, пулни ортиқча воситачи орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. У муқаддам судланган бўлса-да, хатосидан хулоса чиқармагани қайд этилди.
Шунингдек, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг бош мутахассиси 4 сотих ер майдонида қурилиши тугалланмаган бино ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун 5 000 АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 1 000 долларни қабул қилиб олган пайтида қўлга олинган.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, айбланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.