Навоийнинг айрим жойларида ичимлик суви ва канализация хизматлари нархи ошади

Навоий вилоятида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари нархи ўзгаради.

Бу ҳақда Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши қарорида маълум қилинган. Қарор 2025 йил 24 сентябр куни эълон қилинди.

Айтилишича, «Навоий кон-металлургия комбинати» томонидан кўрсатиладиган ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифлари қайта кўриб чиқилади.

Унга кўра, Марказий кон бошқармаси (Зарафшон шаҳри)да аҳоли учун 1 куб метр сув нархи 7300 сўм, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун 10 минг сўмни ташкил этади.

Шимолий кон бошқармаси (Учқудуқ тумани) да сув аҳоли учун 3,5 минг сўм, бошқалар учун 10 минг сўм этиб белгиланди. Оқова сув хизматлари нархи 470 сўмни ташкил этади.

Ушбу қарор эълон қилингандан 15 кун ўтиб кучга киради.

Августда ҳам Навоийда ичимлик суви нархлари оширилиши маълум бўлганди.

2024 йил апрелдан кучга кирган 2700 сўмлик тариф 2 йилга ҳам бормасдан яна қимматлаганди.