Ўзбекистон Сенатининг хабарига кўра, жорий пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича миллий мониторинг давомида бир неча қоидабузарликлар қайд этилган.
Одам савдосига қарши кураш ва муносиб меҳнатни таъминлаш миллий комиссияси маълумотларига кўра, 300 дан ортиқ ҳолатда теримчилар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатлари расмийлаштирилган. Шу билан бирга, 11 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ва 3 та мажбурий меҳнат ҳолати аниқланган.
Масъул шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари (49 ва 51-моддалар) бўйича чоралар кўрилган. Бу моддалар меҳнат қонунчилигини бузиш, жумладан, меҳнат муносабатларини нотўғри расмийлаштириш, меҳнат муҳофазаси ва дам олиш шартларини бузиш, шунингдек, ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш учун жавобгарликни назарда тутади.
Мониторинг Касаба уюшмалари федерацияси ва Давлат меҳнат инспекцияси ҳамкорлигида олиб борилмоқда. Фуқаролар учун 1176 (Бандлик ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги) ва 1092 (Касаба уюшмалари федерацияси) рақамли ишонч телефонлари ҳамда Munosibmehnat.uz телеграм-боти фаолият юритмоқда.
Сенат ҳар қандай соҳада мажбурий меҳнатдан фойдаланиш қатъиян ман этилишини таъкидлаб, фуқароларнинг касбни эркин танлаш, муносиб меҳнат шароитлари ҳамда адолатли мукофот олиш ҳуқуқлари Конституция билан кафолатланганини эслатиб ўтди.