Ҳар бир вилоят АҚШнинг штатлари билан шериклик ўрнатади

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган кенгайтирилган йиғилишда мамлакат тараққиёти учун энг долзарб йўналишлар – пахта ҳосили, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, “Яшил макон” дастури, инвестиция ва экспорт масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Пахта масаласи: Бу йил 875 минг гектар ерга чигит экилиб, 3,7 миллион тонна ҳосил учун шартнома тузилган. 900 дан ортиқ машина теримга жалб қилинган. Айрим вилоятларда ишлар яхши кетса-да, бошқаларда ортда қолиш ҳолатлари бор. Президент тезкор штаблар тузиш ва фермерларга ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишни топширди.

Қишга тайёргарлик: 640 та мактаб ва боғчадан 125 таси ҳали таъмирланмаган. 9,8 минг кўп қаватли уйдан мингтаси тайёр эмас. Президент икки ҳафта ичида барча инфратузилмани шай қилиш талабини қўйди. 330 минг тонна суюлтирилган газ ва омборлардаги 27 минг тонна кўмир аҳолига етказилиши шартлиги қайд этилди.

“Яшил макон”: Баҳорда экилган 137 миллион кўчатнинг 27,5 миллиони қуриб қолгани танқид қилинди. Шу боис дарахтларни кузда кўпроқ экиш, илм-фан асосида “яшил” мастер режалар тайёрлаш вазифаси қўйилди. Бу йил кузда 125 миллион, баҳорда яна 75 миллион кўчат экилади.

Инвестиция ва экспорт: Январь–август ойларида экспорт 23 миллиард долларни ташкил этиб, 31% ўсди. Йил охиригача 7,3 миллиард долларлик қўшимча экспорт таъминланиши керак. Ҳар бир вилоят АҚШнинг муайян штати билан шериклик ўрнатиши белгиланди.