Ўзбекистон делегацияси ШҲТ ёш муаллифларининг иккинчи конференциясида қатнашди


Жорий йилнинг 25-26 сентябрь кунлари Деҳли шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ёш муаллифларининг иккинчи конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлар Шуҳрат Ориф ва Жавлон Жовлиев фаол иштирок этишди.



Халқаро тадбир ШҲТ Котибияти, Ҳиндистон Таълим вазирлиги ва ушбу мамлакат Миллий китоб жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Конференция иштирокчилари “Рақамли даврда ижодий макон динамикаси: ШҲТ ёш муаллифларининг мулоқоти” мавзусини муҳокама қилишди. Анжумандан кўзланган мақсад бугунги кунда рақамли технологиялар санъат, адабиёт ва интеллектуал алмашинувни қандай ўзгартираётганини муҳокама қилиш учун ШҲТга аъзо давлатларнинг ёш ёзувчи ва ижодкорларини бирлаштиришдан иборат бўлди. 
 


Ўзбекистон делегациясининг мазкур форумдаги иштироки мамлакатимизнинг ШҲТ фаолиятидаги, хусусан, Ташкилотнинг ёшларга оид сиёсатини амалга ошириш жараёнидаги изчил ва фаол позициясини ифодалайди.
Анжуман мамлакат раҳбариятининг иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган ташаббусларини илгари суриш учун яна бир халқаро мулоқот платформасини бажарди.

Конференция дастури доирасида ўзбекистонлик ёш муаллифлар асосий сессияларда маъруза қилишди. Шуҳрат Ориф “Анъанавий ва рақамли телерадиоэшиттиришнинг конвергенцияси” мавзусидаги муҳокамада сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг замонавий контентни янги медиа форматларга мослаштириш бўйича тўплаган тажрибасини тақдим этди.



Жавлон Жовлиев “Ижод ва матбаа иши” сессиясида иштирок этиб, замонавий адабий жараёнлар ва рақамли асрда муаллифлар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон вакилларининг ШҲТ ёш муаллифлар анжумани каби муҳим халқаро тадбирларда иштирок этиши катта аҳамиятга эга. Бу нафақат Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, балки ўзбек ёшларининг жаҳон миқёсида ижодий ва интеллектуал салоҳияти юксалиб бораётганини ҳам яққол намоён этади.

ШҲТ ёш муаллифларининг иккинчи конференцияси Деҳлида Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Беларусь ва Эрондан 30 га яқин муаллиф ва ижодкорларни бирлаштирди. Биринчи конференция ҳам 2023 йил апрель ойида Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтган.