Тошкентдан Чорвоққа қатновчи 1226-сонли автобус йўналиши режадан ташқари тўхтатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, қатнов келаси йилга қадар қайта тикланмайди. Бу ҳақда Tashtrans.uz хабар берди.
Мазкур йўналиш 1 июлдан иш бошлаб, қисқа вақт ичида ҳам аҳоли, ҳам сайёҳлар орасида катта талабга эга бўлган эди. Автобуслар ҳар 90 дақиқада қатнаб, «Машинасозлар» метро бекатидан чиқиб, Хумсон орқали Чорвоққа етиб борарди. Йўл вақти тахминан 1,5 соатни ташкил этган.
Замонавий 47 йўловчига мўлжалланган MAN RR3 автобуслари кондиционер ва қулай ўриндиқлар билан жиҳозланган бўлиб, йўл ҳақи 25 минг сўм этиб белгиланган.
Йўналишнинг тўхтатилиши сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун катта ноқулайлик яратиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрдан Тошкент – Чиноркент йўналиши бўйича чипта нархлари электр энергияси тарифларининг ошиши сабаб 50 фоизга кўтарилган эди.