Аргентинага осмондан фермага ғалати «жунли» тўп қулади

25 сентябрь куни Аргентинада, Пуэрто-Тироле шаҳарчаси яқинидаги ферма ҳудудига осмондан ноодатий буюм қулади. Маълумотларга кўра, у углерод толасидан ясалган, узунлиги 1,7 метр, кенглиги 1,2 метр бўлган цилиндр бўлиб, ташқи қисми қора толалар билан қопланган.

Цилиндрнинг бир учида клапанлар тизими, иккинчи учида эса 40 сантиметр атрофидаги тешик борлиги аниқланган. Унинг устки қисмида серия рақами ҳам сақланиб қолган.

Ҳодиса жойига полиция, ўт ўчирувчилар ва мутахассислар жалб этилди. Текширув натижасида буюмда ёнувчи ёки хавфли моддалар йўқлиги маълум қилинди. Бироқ унинг аслида қайси қурилмага тегишли экани ҳали аниқ эмас. Тахминларга кўра, у яқинда космосга учирилган қурилмалардан қолган бўлак бўлиши мумкин.

Мутаҳассислар огоҳлантиришича, космос соҳаси ривожланиши билан ерга бундай чиқиндиларнинг тушиши кўпроқ учраши мумкин. Масалан, шу йил бошида Кенияда катта темир ҳалқа ерга қулагани аҳоли орасида хавотир уйғотган эди.

Олимлар эса назоратсиз қолган космос чиқиндилари инсонлар ҳаётига ҳам, келгусидаги парвозларга ҳам хавф солиши мумкинлигини таъкидламоқда.