Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланиш кенгайтирилади

26 сентябрь куни Президентнинг “Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги қуйи бўғинида бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони (ПФ–177) қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги йилига камида 3 марта давлат космик мониторинги ўтказади. Мониторинг қуйидаги соҳаларни қамраб олади:

  • геология – ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолатлари;
  • ер муносабатлари – ер участкаларини ноқонуний эгаллаш ва қурилиш ишлари;
  • экология – чиқиндиларни белгиланган ҳудуддан ташқари сақлаш ва янги чиқинди зоналари пайдо бўлиши.

Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар рақамли форматда SGM платформасига интеграция қилиб юборилади. Унда огоҳлантириш берилгани, бузилиш бартараф этилгани ёки иш суд ва прокуратура органларида кўриб чиқилаётгани ҳақида белгилар акс эттирилади.