Олтин нархи рекорд даражада ошди

Жаҳон бозорида олтин нархи рекорд даражага етиб, бир унцияси (тахминан 28 грам) 3 812 долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Ал Арабия хабар берди.

Бу кўрсаткич олтиннинг тарихий максимуми бўлиб, сўнгги 6 ҳафта ичида узлуксиз ўсишни намоён этмоқда. Шунингдек:

  • кумуш 2,4 фоизга ошиб, 46,75 долларни ташкил этмоқда — бу 2011 йилдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич;
  • платина 1 600 доллардан ошиб, 2013 йилдан буён биринчи бор бундай даражага етган.
  • палладий эса июль ойидан бери энг юқори кўрсаткични кўрсатмоқда — бир унция учун 1 280 долларни ташкил этмоқда.

Умумий ҳисобда, олтин нархи 2025 йил бошидан буён 45 фоизга кўтарилган. Аналитиклар бу ўсишни глобал иқтисодий беқарорлик, инфляция хавфи ва АҚШ Марказий банки мустақиллигига таҳдидлар билан боғламоқда.

Мутахассислар фикрича, олтин ҳали ҳам доллар ва АҚШ облигацияларига нисбатан «ортиқча баҳоланган» эмас. Ушбу қимматбаҳо метал ҳали ҳам инвесторлар учун хавфсиз актив саналмоқда. Goldman Sachs ва Deutsche Bank каби йирик молиявий институтлар олтин нархининг ўсиши давом этишини прогноз қилмоқда.