Туркиянинг «Andalu Isuzu» компанияси “Самарқанд автомобил заводи” (SamAuto) устав капиталидаги Ўзбекистоннинг 75,2 фоиз давлат улушини 80 миллион долларга сотиб олишга келишди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) матбуот хизмати хабар берди.
Агентликка кўра, инвесторнинг таклифи халқаро КПМГ компанияси баҳоси ҳамда мустақил баҳоловчи PwC ҳисоб-китобларига мос келади. Улушни сотиб олишдан ташқари, турк томони корхонани ривожлантириш учун яна 80 миллион доллар инвестиция киритиш мажбуриятини олган.
Режага кўра, 12–18 метр катта сиғимли автобуслар ва электробуслар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, бутун республика бўйлаб лицензияланган сервис марказлари тармоғи яратилади ва маҳсулотлар Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига экспорт қилинади. Лойиҳа Ўзбекистонда минтақавий транспорт хаби шаклланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
«SamAuto’даги давлат улуши хусусийлаштириш дастури доирасида сотилмоқда. Корхона ҳаммуассисларидан япониялик Иточу ва Исузу Моторс компаниялари ҳар бири 12,4 фоиз улушни сақлаб қолади. Япон ҳамкорлар давлат улушини турк инвесторига беришни қўллаб-қувватлади», – дейилади ДАБА хабарида.
Ҳозирда битимни якунлаш учун Туркия тартибга солувчи органларининг розилиги кутиллмоқда.