Ҳоким ўринбосарлари сони 6 тадан 4 тага қисқартирилади, ваколатлар ҳудуд эҳтиёжига қараб белгиланади

Жорий йил 16 июнь куни ислоҳотлар самарадорлиги ва ҳудудлардаги ишлар таҳлили юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент томонидан берилган топшириққа мувофиқ, Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан туман ва шаҳар ҳокимликлари фаолиятини самарали ташкил қилишга қаратилган Президент Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳозирги кунда ҳокимларга 500 дан зиёд вазифа юклатилган бўлиб, кадрлар ва бошқарув ресурслари етарли эмаслиги туфайли уларни тўлиқ бажариш қийин кечмоқда. Масалан, ҳокимлар маҳаллий ташкилотларнинг фаолияти устидан тўлиқ назорат ўрната олмайди, раҳбар тайинлаш, штатларни тақсимлаш ёки ходимларни рағбатлантиришда таъсир имконияти чекланган.

Фармон лойиҳасига кўра, 2026 йил охирига қадар 32 та туман ва шаҳарда бошқарувнинг янги тартиби жорий этилади. Унда 9 та вазирлик ва идоранинг ҳудудий бўлинмалари ҳокимлик тузилмасига ўтказилади. 

Жумладан:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги
Маданият вазирлиги
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси
Ёшлар ишлари агентлиги.

Шу билан ҳокимлар ушбу тузилмаларга тўлиқ раҳбарлик қилиб, штат бирликларини мустақил белгилайди, кадрларни тайинлайди ва озод этади, рағбат ёки интизом чораларини қўллай олади.

Ҳозирда туман ҳокимларининг 6 нафар ўринбосари мавжуд бўлиб, уларнинг вазифалари ҳудуд шароитига қарамай бир хил тақсимланган. Лойиҳага кўра, тажриба-синов даврида ўринбосарлар сони 4 нафарга туширилади ва ҳокимларга йўналишларни ўз ҳудуди эҳтиёжидан келиб чиқиб белгилаш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, раҳбар ва ижрочи ходимлар ўртасидаги мутаносиблик қайта кўриб чиқилади. Айрим ҳокимликларда раҳбарлар сони кўп, ижрочилар эса кам. Лойиҳада ҳар бир раҳбарга камида 3 нафар ижрочи тўғри келиши белгиланган.

Янги тизимни жорий этишда хорижий тажрибалар ҳам ўрганилган. Чехия модели асосида ҳудудлараро ҳамкорлик кенгашлари ташкил этилиши ва улар орқали тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шунингдек, келгусида ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик форумлари ўтказилади ва энг яхши тажрибалар махсус электрон платформасида тўплаб борилади.

Иш жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида “Мажлисларни бошқариш” электрон тизими жорий этилади.

Амалдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун (1993-йил) ҳам замон талабларига жавоб бермай қолгани сабабли, унинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, 2026 – 2030 йилларга мўлжалланган давлат бошқарувини номарказлаштириш стратегияси тайёрланади.