DW: Трамп ўзига Нобел мукофоти берилмаслигини ҳақорат деб ҳисоблашини айтди

АҚШ президенти 2025 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти айнан унга берилиши кераклигига ишонч билдирди.

«Бу масаладаги ҳар қандай бошқача қарор Қўшма Штатлар учун ҳақорат бўлади», — деди Трамп Виржиния штатидаги Квантико ҳарбий базасида юқори мартабали америкалик ҳарбийлар билан учрашувда.

Президентнинг сўзларига кўра, у Нобел мукофотини шахсий тарзда эмас, ўз мамлакати учун олишни хоҳлайди.

«Январда ўз лавозимимга киришганимдан бери еттита урушни тўхтатдим. Хусусан, Ҳиндистон ва Покистон, Миср ва Эфиопия, шунингдек, Сербия ва Косово ўртасидаги можаро ва низоларга барҳам бердим», — деди Оқ уй раҳбари.

Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Нобел қўмитасини АҚШ президентига ушбу мукофотни беришга чақирган, буни Трампнинг Ғазо секторидаги урушни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан изоҳлаган эди.