“Air Samarkand” ходимларига маош тўланмаяпти – Бандлик вазирлиги

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги “Air Samarkand” авиакомпанияси ходимларига иш ҳақлари тўланмаётгани юзасидан ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.

Вазирлик ахборотига кўра, бугунги кунга қадар компания ходимларидан ўнга яқин фуқаро июн-август ойларида тўланмаган уч ойлик иш ҳақи бўйича ариза топширган.

Мазкур мурожаатлар асосида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жами 1,5 миллиард сўмлик даъво аризалари тайёрланиб, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига киритилган.

Даъво талаблари ичида қонунчиликка мувофиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун пул компенсацияси ҳам қўшиб ҳисоблаб берилиши сўралган.

Маълумот учун, “Air Samarkand” авиакомпанияси 2023 йили ноябрь ойида мамлакатда ўз фаолиятини бошлаган.