Ўзбекистон элчиси Саудия Арабистони Валиаҳдига ишонч ёрлиқларини топширди

Маросим Ар-Риёз шаҳридаги «Ал-Ямама» саройида бўлиб ўтди. Унда Саудия Арабистони Валиаҳди 37 та хорижий давлат элчиларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Учрашувдан сўнг Муҳаммад бин Салмон Ўзбекистон Президентига мамлакат Подшоҳи ҳамда ўзининг самимий тилаклари ва илиқ саломларини йўллади.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 20 февралда ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, Нодиржон Турғунов 2024 йил март ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси сифатида фаолият юритмоқда. Шунингдек, у Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакил ҳамдир. 2025 йил апрелидан эса мамлакатимизнинг илк элчиси сифатида Баҳрайн Ташқи ишлар вазирлигига ишонч ёрлиқларини топширган, шу йил июнь ойида эса Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ IIга ҳам мазкур ёрлиқларни тақдим этган эди.