Экологик қонунбузарликларни «Ўзбеккосмос» назорат қилади

Президент Фармонига кўра, «Ўзбеккосмос» агентлиги йилига уч марта давлат космик мониторингини ўтказиб, геология, ер муносабатлари ва экология соҳаларида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлайди. Бу орқали экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш таъминланиши кутилмоқда.

Синов тариқасида 2026 йилдан бошлаб Тошкент вилояти Бўка туманида юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳолати ҳам аэрокосмик усулда текширилади. Бу энергетик инфратузилманинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Сурхондарё вилоятида қуёш панеллари самарали жойлашиши мумкин бўлган майдонлар аниқланади. Лойиҳа қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг «яшил энергетика» имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Транспорт соҳасида эса Тошкент–Ангрен йўналишидаги темир йўл ҳолати аэрокосмик мониторинг асосида назорат қилинади.

Тизим жорий этилгандан сўнг, давлат тузилмаларига зарур маълумотлар ўз вақтида етказилади ва бу соҳавий самарадорликни оширишга хизмат қилади, дейди мутахассислар.