Ўзбекистон ҳукумати томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган янгиликлар лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб қатор муҳим тартиблар амалга киритилади.
Энг асосий янги тартиблар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- 50 йилдан ортиқ хизмат қилган автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Бундай техникалар қайта рўйхатга олинмайди ва давлат рўйхатидан чиқарилади. Фақат антиквар (коллекциявий) автомобиллар ушбу тартибдан мустасно этилади ва улар учун алоҳида шарт-шароит белгиланади.
- Тўла вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган “N3” ва “O4” тоифадаги юк ташувчи ва махсус транспорт воситаларига ҳамда очиқ конларда (карьер) ишловчи ўзи ағдарувчи юк автомобилларига алоҳида давлат рақами белгиларини жорий этиш кўзда тутилган. Бу қадам йўл инфратузилмасини муҳофаза қилиш ва йўлларда хавфсизликни ошириш мақсадида амалга оширилади.
- Очиқ конларда (карьерларда) ишловчи ўзиағдарувчи юк автомобиллари алоҳида давлат рўйхатидан ўтказилади.
- Ҳар йили март ойида “Энг намунали йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланган ҳудуд” кўрик-танлови ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда мазкур кўрик-танловни ташкил этувчи ва баҳолайдиган механизмларни жорий этади. Танлов доирасида туман ва шаҳарлар йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ишлари бўйича баҳоланади ва ғолиб ҳудудлар пул ва диплом билан тақдирланади.
Ҳужжат лойиҳаси расман regulation.adliya.uz порталида муҳокама учун эълон қилинган.