Уч банк қоидабузарлик сабаб катта жаримага тортилди

Марказий банк уч тижорат банкига жарима белгиланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш йўналишида қонунчилик талабларига риоя этилаётганлиги юзасидан ТБC банк, Давр банк ва Ҳамкорбанкда ўрганиш ўтказилганда, ушбу банклар томонидан қатор қоидабузарликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди.

Жумладан, ТБC банкда:

— банк расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик;

— кредит шартномалари бўйича гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб гаров реестридан ва гаров мулкларини тақиқдан чиқариш;

— қарз олувчиларнинг ўз молиявий аҳволини таҳлил қилиши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилмасдан онлайн микроқарзлар ажратиш, кредитни қоплаш учун келиб тушган маблағларни қарздорликни сўндиришга ўз вақтида йўналтирмаслик;

— банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатлари.

Давр банкда:

— банкнинг бир хизматини истеъмолчига қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатиш;

— хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича кунлик фоизларни нотўғри ҳисоблаш (ундириш);

— банк расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик;

— истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга (банк ички қоидаларига) уларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва (ёки) шартномаларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар киритилмаганлиги билан боғлиқ ҳолатлар;

— жисмоний шахслар билан тузилган кредит шартномаларида кредитнинг тўлиқ қийматини кўрсатмаслик;

— банк мобил иловаси орқали онлайн кредит ажратишда ушбу хизматнинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумот берилмаганлиги;

— кредит шартномалари бўйича гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб гаров реестридан ва гаров мулкларини тақиқдан чиқариш;

— банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатлари.

Ҳамкорбанкда:

— банк расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаганлиги ҳамда шартномаларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар киритилмаганлиги;

— кредит ажратиш жараёнида қонунчиликка амал қилинмаган ҳолда кредит ҳужжатларини кўриб чиқиш ва кредит ажратиш учун бир марталик комиссиялар ҳамда гаров мулкини тақиққа қўйиш ва қўйилган тақиқни бекор қилишга хизмат ҳақлари ундирилганлик;

— кредит шартномалари бўйича гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб гаров реестридан ва гаров мулкларини тақиқдан чиқариш;

— банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатлари.

Марказий банк томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликлар хусусияти, миқёси, давомийлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ТБC банкка нисбатан 615,0 млн сўм, Давр банкка нисбатан 931,0 млн сўм ва Ҳамкорбанкка нисбатан 955,0 млн сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилди.

Шунингдек, аниқланган ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан банкларга аниқ кўрсатмалар берди.

Жумладан, ТБC банк томонидан кредитни қайтариш жадвалида кўрсатилган тўловлардан кўп келиб тушган маблағлар белгиланган тартибда қарздорликни сўндиришга йўналтирилмаганлиги натижасида қарз олувчиларга ортиқча ҳисобланган 2,5 млрд сўм фоизлар ҳамда кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суд қарорлари чиқарилгандан сўнг қонунга зид равишда ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоизлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Давр банк томонидан хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича ортиқча ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоизлар, қонунчиликка зид равишда кредит суммасидан ушлаб қолинган 1,9 млрд сўм маблағлар ва гаров мулкини тақиққа қўйиш учун ундирилган 461,6 млн сўм тўловлар истеъмолчиларга қайтариб берилди.

Ҳамкорбанкка эса қонунчиликка зид равишда кредит ажратишда ундирилган 19,2 млрд. сўм тўловлар ҳамда гаров мулкини тақиққа қўйиш ва тақиқдан чиқариш учун ундирилган 1,5 млрд. сўм тўловлар, шунингдек кредит шартномаларига назарда тутилмаган бўлса-да, лекин қарз олувчилардан ундирилган 54,9 млн. сўм комиссияларни истеъмолчиларга қайтариб беришни таъминлаш юзасидан вазифалар юклатилди.

Бундан ташқари, Марказий банкка молиявий хизматлар истеъмолчиларидан келиб тушаётган мурожаатларда кўтарилаётган асосли масалалар истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинмоқда.

Жумладан, Марказий банкка банк тизими бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 121 тасида келтирилган шикоятлар, шу жумладан 68 таси бўйича 2,4 млрд сўмлик молиявий нафлар мурожаат қилувчининг фойдасига ҳал этилди.

Хусусан:

— 20 та ҳолатда суднинг ҳал қилув қароридан кейин қонун ҳужжатига зид равишда ҳисобланган 1,5 млрд сўмлик фоиз ва пенялар бекор қилиниши ҳамда мижоз билан қайта ҳисоб-китоб қилиниши;

— 26 та ҳолатда кредит қарздорлиги ҳисоби нотўғри ва асоссиз юритилиши оқибатида қарз олувчидан ортиқча ундирилган 635,8 млн сўмлик маблағлар қайтарилиши;

— 22 та ҳолатда 307,5 млн сўмлик асоссиз ундирилган хизмат ҳақлари, тўловлар ва кредит маблағлари мижозлар фойдасига қайтарилиши таъминланди.

Марказий банк сентябр ойида ўндан ошиқ банк ва 2 та тўлов ташкилоти огоҳлантирганди.

Улар муаммоли кредитларни ундириш ва улар қолдиғини камайтириш билан боғлиқ режаларни бажармаган.