Айрим мобил қурилмаларнинг божхона қиймати эндиликда очиқ эълон қилиб борилади

Сўнгги кунларда хорижий бренддаги мобил қурилмаларни шахсий эҳтиёжи учун олиб кираётган йўловчилар божхона тўловларининг қимматлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда норозилик билдирмоқда.

Божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, амалдаги тартибларга кўра, ҳаво йўли орқали мамлакатга кириб келаётган фуқаролар шахсий эҳтиёжлари учун 2 донагача мобил қурилмани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда олиб киришлари мумкин.

Шу билан бирга, товарлар шахсий эҳтиёж учун белгиланган божсиз олиб кириш меъёрига мос бўлиши лозим. Ҳозирги кунда бу меъёр ҳаво йўли орқали кириб келишда 1000 АҚШ долларига тенг.

Айни пайтда дунёнинг турли шаҳарларидан қайтаётган йўловчилар бир хил турдаги товарлар учун турлича божхона қиймати белгиланаётгани ҳақида саволлар бермоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, иқтисодий жиҳатдан бир хил товарнинг турли ҳудудларда ҳар хил нархда бўлиши табиий ҳол бўлиб, бу ҳолат божхона қийматининг ҳам фарқ қилишини белгилайди. Шунинг учун йўловчилар олиб келаётган мобил қурилмаларнинг харид чеклари тақдим этилганда, божхона қиймати айнан ушбу чекларда кўрсатилган жами нарх асосида белгиланади.

Бугун Божхона қўмитаси Тўловлар бошқармаси бошлиғи А.Муқимов Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бошқармаси ҳамда “Тошкент–AERO” ИБК раҳбарияти билан биргаликда пойтахт аэропортида бўлиб, жисмоний шахсларга тегишли мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви жараёнларини ўрганди.

Ўрганишлар натижасида масъуллар айрим турдаги мобил қурилмаларнинг божхона қиймати ҳақидаги маълумотларни турли давлатлар кесимида Божхона қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мунтазам эълон қилиб бориш таклифини илгари суришди.

Мазкур таклиф Божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди.