Қуёш тизимида “Y сайёраси” топилдими? Олимлар янги номзод ҳақида гапирди

Қуёш тизимидаги яширин сайёра ҳақидаги ғоя олимларни юз йилдан буён қизиқтириб келмоқда. Энди Принстон университети тадқиқотчиси Амир Сираж раҳбарлигидаги илмий гуруҳ янги эҳтимолий номзодни илгари сурди — улар уни шартли равишда “Y сайёраси” деб атади.
Бу сайёра ҳали тўғридан-тўғри кузатилмаган, аммо олимлар унинг мавжудлигини Нептун ортидаги Қуйпер камаридаги узоқ жисмлар орбитасидаги оғишлар орқали тахмин қилмоқда. Ушбу оғишлар “кўринмас куч” таъсирида бўлиши мумкин, деб ҳисобланмоқда.

Амир Сиражнинг сўзларига кўра, “Y сайёраси” эҳтимолан Ердан кичикроқ, лекин Меркурийдан каттароқ бўлиб, Қуёш тизимининг чуқур ташқи қисмида айланиб юради.
Олимларнинг фикрича, бу гипотетик сайёра Қуёшдан Ер–Қуёш масофасидан 100–200 баравар узоқда жойлашган ва бошқа сайёраларга нисбатан 10° даража оғиш билан айланади.

Бугунгача “Тўққизинчи сайёра” гипотезаси энг машҳур ҳисобланарди. Аммо янги таҳлиллар шундан далолат берадики, Қуйпер камаридаги оғишларни тушунтириш учун яна бир сайёра — яъни “Y сайёраси” мавжуд бўлиши эҳтимоли катта.


Сираж ва унинг жамоаси компьютер симуляциялари орқали барча маълум сайёраларни моделга киритиб, натижада Нептундан кейинги жисмлар 15° даража оғиш билан ҳаракатланаётганини аниқлади. Бу оғишни бошқа физик сабаблар билан изоҳлаб бўлмаган.


Ҳозирча тадқиқот фақат 50 та узоқ жисм орбитасига асосланган, аммо статистик аҳамият 96–98% даражада, яъни “Y сайёраси”нинг мавжудлигига жиддий ишора бор.

Чилида қурилаётган Vera C. Rubin обсерваторияси яқин йилларда 10 йиллик осмон кузатувини бошлайди. Бу телескоп ҳар уч кунда бутун осмонни рақамли тарзда тасвирга олади ва олимлар фикрича, “Y сайёраси” шу орқали тўғридан-тўғри аниқланиши мумкин.
Калифорния технология институти профессори Константин Батигин бу ишни “жуда қизиқарли илмий ёндашув” деб атади:

“Вера Рубин обсерваторияси орқали Қуёш тизимининг ташқи қисмларини ҳеч қачон бўлмаган даражада аниқ кузатиш имкони туғилади”, — деди у.

Канадалик астроном Саманта Лолер эса натижаларни “эҳтиёткорона, аммо умидли” деб баҳолади:

“Ҳали аниқ далил йўқ, лекин орбиталарни оғдириб турган кичикроқ жисм мавжудлиги эҳтимоли бор.”

🇯🇵 Япониялик профессор Патрик София Лыкавка эса тадқиқотни “Қуёш тизимининг чуқур тарихини англашга олиб борадиган муҳим қадам” деб атади.