Президент Мирзиёев Озарбайжонга амалий ташриф билан боради

Шавкат Мирзиёев 6–7 октябрь кунлари Озарбайжон Республикасига амалий ташриф билан боради. Ташриф Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Габала шаҳрида ўтказиладиган «Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик» мавзусидаги саммитида иштирок этади.

Саммит доирасида Туркий давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилади. Шунингдек, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилади.

Делегация раҳбарлари халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Саммит якунида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.