Бугун Тошкент метросининг “Ғафур Ғулом” бекатида ҳаётий аҳамиятга эга, ноодатий воқеа юз берди — йўловчи аёл бекат ҳудудида фарзандини дунёга келтирди. Бу ҳақда Тошкент метрополитени матбуот хизмати ёзмоқда.
Поездларни кутиб олиш ва жўнатиш бўйича навбатчи ходима Наима Махамаджонова воқеа жойида чақалоқ туғилаётгани ҳақида ички ишлар ходимидан хабар олган заҳоти ҳаракатга киришган.
У ўзига ўргатилган тиббий билим ва кўникмалардан фойдаланган ҳолда аёлга биринчи ёрдам кўрсатган, чақалоқнинг киндигини боғлаб, нафас олиш рефлексини фаоллаштирган.
Тез ёрдам гуруҳи етиб келгунига қадар, тахминан 10 дақиқа давомида, бекат ходимлари она ва чақалоқнинг ҳолатини назорат остида ушлаб турган.
Ҳозирда она ва чақалоқ соғлом, улар шифохонага етказилган.
“Наима Махамаджонова — фидойилик ва инсонпарварлик намунаси. Унинг огоҳлиги ва тезкор ҳаракати туфайли она ва фарзанднинг ҳаёти хавфсиз таъминланди”, – дейилади хабарда.