Энди фуқароларни розилигисиз тасвирга олиш тақиқланади

Олий Мажлисда фуқароларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланди.

Қонун лойиҳасига кўра, шахснинг тасвирини суратга олиш ва фойдаланиш учун мажбурий равишда розилигини олиш талаби жорий этилади. Шунингдек, болалар ҳам ўз тасвири бўйича мустақил ҳуқуқ субекти ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
Ҳужжатда, шунингдек, қайси ҳолларда шахснинг розилигисиз тасвирга олиш ва тасвирдан фойдаланиш мумкинлиги ҳамда видеокузатув амалга оширилаётганда шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш бўйича талаблар аниқ белгилаб берилган.

Қонунга кўра, 16 ёшга тўлмаган болаларни тасвирга олиш ёки уларнинг тасвиридан фойдаланишда розилик уларнинг ота-онасидан бири ёки ота-она ўрнини босувчи шахс томонидан берилиши шарт экани белгиланди. Шу билан бирга, жамоат жойларига видеокузатув тизимлари ўрнатилганда, бу ҳақда кўриниб турадиган ва осон тушунилган ҳолдаги огоҳлантирувчи белги жойлаштирилиши мажбурий ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.