Мирзиёев: Электротехника саноатида юқори технологияли ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарур

8 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев электротехника саноатини янада ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари бўйича тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда бу йўналишда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилди. Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 16,3 фоизга ўсиб, 34 триллион сўмга, экспорт ҳажми эса 970 миллион долларга етди.

Шу билан бирга, соҳада ҳали тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар борлиги таъкидланди. Жумладан, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, мисни чуқур қайта ишлаш ва экспортни диверсификация қилиш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Айни пайтда мис маҳсулотлари экспортининг атиги 60 фоизи юқори қийматли товарлар ҳиссасига тўғри келади.

Тақдимотда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Хусусан, мисни харид қилишда чегирмалар бериш, кредит фоизларининг 5 фоиздан юқори қисмини давлат томонидан қоплаш, солиқ ва божхона енгилликларини жорий этиш режалаштирилган.

Президент юқори технологияли ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Шу мақсадда электроника, ярим ўтказгичлар, саноат электроникаси, кондиционерлар, қуёш панеллари, назорат-ўлчов ва автоматика воситалари ҳамда смарт-карталар ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдим этилди.

Умуман, электротехника соҳасида 2,1 миллиард долларлик 157 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, улар орқали 14,5 минг янги иш ўрни яратилади.

Тақдимотда ҳудудлардаги электротехника технопарклари фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотларини халқаро бозорларга чиқариш имкониятлари кенгаяётгани қайд этилди.

Ўзбекистон стандартлар институти Халқаро электротехника комиссияси баҳолаш схемасига аъзо бўлди. Бу билан мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сертификатлари 53 давлатда тан олиниши таъминланади.

Шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Европа Иттифоқи билан мувофиқликни баҳолаш тизимини йўлга қўймоқда. Бу орқали маҳаллий маҳсулотларга “CE” белгиси берилиши мумкин бўлади, бу эса Европа бозорига экспорт ҳажмини камида икки баробарга ошириш имконини яратади.