АҚШда подполковник махфий маълумотларни танишув иловасида улашди

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ фуқаролик ходими махфий маълумотларни танишув иловасида улашгани учун 8 октябрь куни 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, Небраска федерал суди Слейтерни 70 ойга (тахминан 5 йил 10 ой) озодликдан маҳрум қилиб, унга 25 минг доллар жарима ҳам белгилаган. 64 ёшли Девид Слейтер, илгари АҚШ армиясида подполковник сифатида фаолият юритган. У 2025-йилнинг июль ойида ўз айбини тан олиб, “Украинада яшайдиган аёлман”, деб ўзини таништирган шахсга сирли маълумотларни ошкор қилганини тан олган.

Слейтер жазога тортилган вақтда Небраска штатида ядровий ҳужумларга қарши стратегик вазифаларни бажарувчи фуқаролик ходими бўлиб ишлаган. Суд ҳужжатларига кўра, у улашган баъзи маълумотлар ўта махфий ҳужжатлар бўлган. Унда Украинадаги уруш, ҳарбий нишонлар ва Россия армиясининг имкониятлари ҳақида маълумотлар акс этган.

АҚШда бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Масалан, 2010-йилда ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берганди. Собиқ ҳарбий ходим Челси Меннинг Қўшма Штатлар армиясига оид минглаб махфий дипломатик хат ва ҳарбий видеоёзувларни WikiLeaks сайтига сиздирган. Оқибатда у 35 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аммо 7 йилдан сўнг мамлакат собиқ президенти Барак Обама томонидан афв этилган.