Фарғона вилоятининг Қува туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3-синф ўқувчиси ҳалок бўлди.
Таъкидланишича, ҳодиса Д-105 автомобиль йўлининг 182-километрида, соат 07:30 атрофида содир бўлган. Мактабга кетаётган 9 ёшли бола пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган вақтда уни ишончнома асосида автомашинани бошқариб кетаётган 21 ёшли Damas ҳайдовчиси уриб юборган.
Жабрланувчи шифохонага етказилган, аммо кўрилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, бола вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.