Ўзбекистонда 9 ойда давлат бюджетига 158,7 трлн сўм солиқ тўланган

Жорий йилнинг 9 ойи давомида давлат бюджетига 158,7 трлн сўм солиқ тушумлари таъминланган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23,8 трлн сўмга ёки 18 фоизга кўп. Ҳудудий солиқ тушумлари 27 фоизга, III чоракда эса 30 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Навоий (86 фоиз), Фарғона (39 фоиз), Сирдарё (32 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (33 фоиз) қайд этилган.

Фойда солиғи тушумлари 54 фоизга, қўшилган қиймат солиғи эса 28 фоизга кўтарилган. Айниқса, умумий овқатланиш соҳасида электрон ҳисоб тизимлари ва кешбек амалиётининг жорий этилиши ҚҚС тушумларини 44 фоизга оширишга хизмат қилган. Шунингдек, 14,5 минг корхонада ишчилар сони икки баробарга кўпайиб, 255 минг кишини ташкил этган. 24,1 минг корхонада иш ҳақи фонди икки баробар ошиб, 8,6 трлн сўмга етган.