Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари Лаҳор шаҳрига ҳаво ҳужуми уюштирди. «Толибон» бир вақтнинг ўзида Кунар, Нангарҳор ва Ҳилманд вилоятларида Покистон позицияларига ҳужум уюштирди, деб хабар беради Tolo News.
Тарихан баҳсли ҳудуд ҳисобланган Дуранд чизиғи бўйлаб оғир қуроллар иштирокидаги тўқнашувлар содир бўлмоқда. Бир қанча ҳудудларда Покистон қўшинлари ўз постларини ташлаб, орқага чекинди, Баҳрамча туманидаги бир чегара пункти афғон назоратига ўтди.
Жанглар Қандаҳор вилоятининг Шўробак туманини ҳам қамраб олган. Дастлабки маълумотларга кўра, тўқнашувларда камида 12 покистонлик ҳарбий ҳалок бўлган.
«Толибон» бу операция Покистоннинг Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб, пайшанба куни маҳаллий бозорга зарба берган ҳаракатларига жавобан эканини айтди. Покистон, ўз навбатида, афғон кучларини тинч аҳолини нишонга олишда айблаб, “Ҳиндистон мисолида бўлгани каби қаттиқ жавоб бериш” билан таҳдид қилган.