Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари Н.Жумаева оила ва хотин-қизлар фаолларига пахта теримига одамларни жалб қилиш бўйича кўрсатма бергани тасдиқланди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан жарима жазоси қўлланди.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Н.Аминова ҳам худди шундай қонунбузарликка йўл қўйгани учун жарималанган.
Пахта йиғим-терими мавсуми давомида Давлат меҳнат инспекцияси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш мақсадида доимий мониторинг олиб бормоқда.
Ҳозирга қадар ўтказилган текширувлар натижасида:
✅ 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланган;
✅ Меҳнат қонунчилигини бузган мансабдор шахсларга МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми асосида маъмурий жарима қўлланилган;
✅ 8 нафар мансабдор шахс МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жазоланган;
✅ 1400 нафардан ортиқ теримчилар билан мавсумий меҳнат шартномалари тузилишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қатъий тақиқланган ва қонунбузарларга нисбатан жавобгарлик белгиланган.