Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) душанба, 14 октябрь куни Ҳиндистонда аниқланган уч турдаги соғлиқ учун хавфли йўтал сироплари ҳақида расмий огоҳлантирув чиқарди. Ташкилот мамлакатлардан ушбу дори воситалари қайд этилган тақдирда, бу ҳақда дарҳол хабар беришни сўради, деб ёзади Reuters.
Маълумотларга кўра, гап Sresan Pharmaceutical компаниясининг Coldrif, Rednex Pharmaceuticalsнинг Respifresh TR ва Shape Pharmaнинг ReLife номли дорилари ҳақида кетмоқда.
ЖССТ маълумотига кўра, бу компаниялар ишлаб чиқарган маҳсулотлар оғир ва ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин.
Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТга билдиришича, мазкур сиропларни Мадҳя-Прадеш штатидаги Чхиндвара туманида беш ёшгача бўлган болалар қабул қилганидан сўнг улар ҳалок бўлган. Текширувлар натижасида йўтал сиропларида диэтиленгликол моддаси меъёрдан қарийб 500 баравар юқори миқдорда экани аниқланган.
Ҳиндистоннинг Дори воситалари стандартларига риоя этилишини назорат қилиш марказий ташкилоти (CDSCO) маълум қилишича, ушбу хавфли дорилар ҳеч қаерга экспорт қилинмаган ва ноқонуний экспорт бўйича ҳеч қандай далиллар топилмаган.