Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин мамлакатда мигрантларга нисбатан назорат ва депортация тизими тубдан кучайтирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу янги тартиб 2024 йил 8 августда қабул қилинган “260-ФЗ-сонли Федерал қонун” асосида амалга оширилмоқда ва мамлакатдаги миграция жараёнларини тўлиқ тартибга солишни кўзда тутади.
Қонунга мувофиқ, Россияда “назоратдаги шахслар реестри” яратилган. Бу базага мамлакат ҳудудида қонуний мақомсиз бўлиб турган ёки миграция қоидаларини бузган шахслар киритилади. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ҳужжатлари ёки рўйхатдан ўтиш жойи йўқ шахслар;
- тиббий кўрикдан ўтмаган ёки соғлиқни текшириш муддатини бузганлар;
- меҳнат патенти ёки рухсатномаси яроқсиз бўлганлар;
- иш шартномаси муддати тугаганлар.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил 1 сентябр ҳолатига кўра, реестрда 770 минг мигрант бор, уларнинг учдан бири аёллар ва болалардан иборат.
Эндиликда ушбу шахсларга нисбатан махсус “депортация режими” жорий этилди. У қуйидаги чекловларни ўз ичига олади:
- ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ва транспорт бошқариш тақиқланади;
- кўчмас мулк ёки автомобиль сотиб олиш ёки сотиш мумкин эмас;
- банк ҳисоблари очиш, маблағ ўтказиш ёки жамғармалардан фойдаланиш тақиқланади;
- никоҳ тузишга рухсат берилмайди.
Россия Федерацияси статистикасига кўра, 2025 йилнинг саккиз ойи ичида 35 мингдан ортиқ хорижлик фуқаро миграция қонунларини бузгани учун Россиядан чиқариб юборилган.
Володин таъкидлашича, қонуний мақомини расмийлаштирмаган ҳар бир мигрант мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этиши керак. Агар бу амалга оширилмаса, улар мажбурий тартибда депортация қилинади ва камида 5 йил давомида Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Володин сўзларига кўра, мазкур тизим нафақат миграция соҳасида тартиб ўрнатишга, балки Россия хавфсизлигини мустаҳкамлашга, қонун устуворлигини таъминлашга ва хорижлик фуқароларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган.