Қашқадарёда тезлик фожиаси: ҳайдовчи пиёдани уриб, деворга бориб урилди

Қашқадарё вилоятида юқори тезликда ҳаракатланаётган Cobalt ҳайдовчиси олдидаги машинани қувиб ўтмоқчи бўлган пайтда рул бошқарувини йўқотади. Натижада у йўл четида кетаётган икки пиёдадан бирини уриб, сўнг уй деворига бориб урилган.

Вилоят ИИБ ЙҲХББ хабарига кўра, ҳодиса 2025-йил 14-октабр куни соат 12:00 атрофида, Китоб тумани Наримон МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Китоб–Паландарақ–Наримон” автомобил йўлининг 21-километрида содир бўлган.

Ҳайдовчи қарама-қарши йўлга чиқиб, олдидаги автомобилни қувиб ўтмоқчи бўлган ва шу пайтда бошқарувни йўқотиб, йўл четидан кетаётган пиёдани уриб юборган.

Натижада пиёда тан жароҳати олиб, туман шифохонасига ётқизилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.