Янгиҳаётда 90 миллион долларлик саноат мажмуаси ишга тушди


Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасида алюмин қадоқ ишлаб чиқариш ва салқин ичимликлар қуйиш корхонаси фаолияти билан танишди ҳамда лойиҳага расман старт берди.

Қиймати 90 миллион доллар бўлган “East Can Solutions” компанияси лойиҳаси 21 гектар ҳудудда амалга оширилган бўлиб, у асосан хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилган. Корхона АҚШ, Буюк Британия, Италия ва Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Дастлаб йилига 600 миллион дона алюмин қадоқ ишлаб чиқариш режалаштирилган, кейинчалик бу кўрсаткич 2,2 миллиард донагача етказилади. Лойиҳа ишга тушиши натижасида 60 миллион долларлик импорт ўрни қопланиб, 20 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.

Маҳаллийлаштириш даражаси 90 фоизга, янги иш ўринлари сони эса 500 тага етади.

“Янги авлод” саноат зонасида жами 1,2 миллиард долларлик 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар тўлиқ ишга тушиши натижасида 7 600 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.