Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида “Президент иқтидорли фарзандлари” Миллий дастурининг илк босқичи «Ренессанс» болалар оромгоҳида бошланди дея хабар бермоқда Zamon.uz мухбири.
Дастурда республика бўйлаб танлов асосида сараланган 1500 нафар 9-синф битирувчиси иштирок этмоқда. Улар математика ва инглиз тили фанларидан ўтказилган тест натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган ёшлар орасидан танлаб олинган.
Машғулотлар давомида ўқувчилар бухгалтерия ҳисоби, бизнес асослари ва замонавий ёндашув (Global Perspectives) фанларини ўрганишади. Дарслар 45 дақиқалик бўлиб, уларни 4 нафар хорижий ва 6 нафар маҳаллий мутахассис олиб боради. Умумий ўқув жараёни 30 соатни ташкил этади.

Мазкур фанлар ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, танқидий фикрлашни ривожлантириш, мустақил қарор қабул қилиш ва ўз фикрини ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги ПФ–86-сон Фармонига асосан амалга оширилмоқда ва ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан қуроллантиришни мақсад қилган.
Бундан ташқари турли хил вилоятдан келган ўқувчилар учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, уларнинг ҳеч бир куни бекор ўтмайди. Турли хил спорт машғулотлари: шахмат,волейбол,футбол,баскетбол ва бундан ташқари ҳар хил эстафета ўйинлари уларнинг кунини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.