Жаҳон банки Ўзбекистонда иш ўринлари яратиш учун $800 млн ажратади

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда давом этиш, иш ўринларини яратиш, хусусий секторни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётининг стратегик муҳим тармоқларида рақобатни кучайтиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишидаги 800 млн долларлик молиявий пакетни ажратишни маъқуллади.

Жаҳон банки томонидан ушбу операция доирасида қўллаб-қувватланаётган давлат сиёсати чоралари кам таъминланган уй хўжаликлари учун энергия тарифлари оширилиши оқибатларини юмшатиш; аёлларни иш жойидаги тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш; аҳолининг заиф қатламларининг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш; телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида рақобатни кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро савдосини кенгайтиришга йўналтирилган.

Жаҳон банки ажратаётган ушбу маблағлар ҳукуматга узоқ муддатли қайтариш шартлари асосида паст фоиз ставкаси билан тақдим этилади. Бундай кредитлаш шартлари халқаро молия бозорларидагига қараганда анча фойдалироқ. Бу орқали Ўзбекистон қарз бўйича хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартириши ва тежалган бюджет маблағларини устувор ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга йўналтириши мумкин бўлади.

Жаҳон банкининг қўллаб-қувватлаши ҳукуматга турли стратегик муҳим соҳаларда давлат сиёсатининг шошилинч чораларини амалга оширишда ёрдам беради, жумладан:

  • Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш: Электр энергияси, иссиқлик таъминоти ва газ тарифларининг ўсганлигини компенсация қилиш учун кам таъминланган оилаларга бир марталик йиллик моддий ёрдам пулини 270 минг сўмдан 1 миллион сўмга ошириш.
  • Аёллар учун иқтисодий имкониятларни ошириш: Аёлларни иш жойидаги жинсий зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий база ва механизмларни ривожлантириш. Иш берувчиларга ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, иш ҳақини камайтириш ёки ишдан бўшатишни тақиқлаш.
  • Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш: Аккредитациядан ўтган хусусий ва нодавлат етказиб берувчи ташкилотлар орқали аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш бозорини ривожлантириш учун шароитлар яратиш.
  • Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш: Давлат корхоналарини янада самарали бошқариш ва хусусийлаштириш учун Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасини ташкил этиш. Кенг полосали Интернет ва мобил алоқа бозорларида давлат компанияларининг устунлигини чеклаш мақсадида мустақил телекоммуникация регуляторини шакллантириш, шунингдек, телекоммуникация соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш.
  • Қишлоқ хўжалиги: Маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қишлоқ хўжалиги хавф-хатарларидан суғурталаш тизимини жорий этиш. Пахтачилик соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш, хусусан, пахта хариди нархларини белгилашнинг янада мослашувчан механизмини жорий этиш ва тўқимачилик корхоналарига ушбу хом ашёни тўғридан-тўғри ҳар қандай фермер хўжалигидан сотиб олиш имкониятини бериш.
  • Ташқи савдони либерализация қилиш: Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш ва экспорт тартибини соддалаштириш, шу жумладан айрим турдаги товарларни экспорт қилиш учун рухсатномаларни бекор қилиш орқали халқаро савдони кенгайтириш. Энергетика, нефт-газ, кимё, қишлоқ хўжалиги ва рақобатни чеклайдиган бошқа тармоқларда айрим компанияларга берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш.
  • Энергетика сектори: Хусусий инвесторлар иштирок этиши учун электр энергиясини тақсимлаш бозорини очиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ва мустақил қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқарувчиларга электр энергиясини истеъмолчиларга тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқини тақдим этиш. Ушбу чоралар қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва электр тармоқларини ривожлантиришга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.
  • Энергия самарадорлигини ошириш: Энергия сарфи юқори бўлган тармоқларда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш учун қўшимча рағбатларни жорий этиш. Ушбу чора-тадбирлар қаторида энергия тежамкор лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган Энергия самарадорлиги миллий агентлигини ташкил этиш, шунингдек қуёш энергетикасини ривожлантириш, иссиқлик насосларини жорий этиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун молиявий рағбатлантириш кўзда тутилган.
  • «Яшил» давлат харидлари: Бюджет маблағларидан фойдаланишда экологик тоза товарлар ва хизматларни сотиб олишга устуворлик бериш учун давлат харидлари тизимига экологик мезонларни жорий этиш.