Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги «Ҳаж–2026» мавсумида ўзгариш жорий қилди, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва Умра маркази.
Қайд қилинишича, энди зиёратчида «Nusuk» платформасидан олинган соғломлик тўғрисида тиббий гувоҳнома бўлган тақдирда унга Ҳаж визаси берилади.
Таъкидланишича, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаж сафари билан шуғулланувчи вазирлик ва идораларга ҳар бир зиёратчини синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш ва ҳаж сафарига бориш лаёқатига мос келмайдиган касаллик бор-йўқлигини аниқлаш мажбуриятини юклаган. Бу талаб зиёратчилар хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга қаратилган.
Тиббий кўрикдан ўтмасдан ва тегишли гувоҳнома олмасдан ҳаж визасини расмийлаштириш имкони йўқ.
Баёнотда, қуйидаги касалликларга чалинган зиёратчилар ҳаж сафарига юборилмаслиги маълум қилинди:
— Диализ талаб қиладиган буйрак етишмовчилиги;
— Минимал жисмоний юкламада ҳам намоён бўлувчи юрак етишмовчилиги;
— Даврий ёки доимий равишда кислороддан фойдаланишни талаб қилувчи ўпканинг сурункали касалликлари;
— Жигар етишмовчилиги белгилари билан кечувчи жигар циррозининг оғир босқичи;
— Оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;
— Қарилик деменцияси касалликлари;
— Ҳомиладорликнинг охирги уч ойи, шунингдек, юқори хавфга эга бўлган ҳар қандай ҳомиладорлик;
— Фаол юқумли касалликлар (шу жумладан, силнинг очиқ шакли, геморрагик иситмалар ва ҳоказо);
— Кимётерапия ёки бошқа иммунитетни сусайтирувчи муолажалардан ўтаётган фаол онкологик касалликлар.
Саудия Ҳаж ва Умра вазирлиги мазкур талаблар бузилган ёки ёлғон маълумот берилган тақдирда чора кўрилишини билдирган.