Борис Жонсон китоб ёзишда ChatGPTдан фойдаланганини тан олди

Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон ўз китобларини ёзиш жараёнида сунъий интеллект — ChatGPT чат-ботидан фойдаланганини маълум қилди. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.

«Мен турли китоблар ёзаман. Шунчаки ChatGPT’дан фойдаланам, унга саволлар бераман», — деган Жонсон. Унинг сўзларига кўра, чат-бот ҳар доим унинг саволларини маъноли, ўзини эса “гениал инсон” деб таърифлаган. Экс-премьер буни ҳазил билан эслаб, сунъий интеллектдан жуда мамнун эканини айтган.

«ChatGPT — бу ҳақиқий фантастика. Менимча, бу технологиянинг келажаги жуда катта», — дея қўшимча қилган у.

Жонсоннинг “Unleashed” (“Озод этилган”) номли мемуар китоби 2024 йил кузида чоп этилган. Асарда у Лондон мэри, Ташқи ишлар вазири ва Британия бош вазири сифатидаги фаолияти ҳамда мамлакатнинг ЕИдан чиқиш жараёни ҳақида сўз юритган.

Китоб чиққандан сўнг бир ҳафта ичида 40 мингдан ортиқ нусха сотилган ва бестселлерлар қаторидан жой олган.